Наманганлик нуронийлар учун Қўқон шаҳрига саёҳат ташкил этилди
«Кексаларни эъзозлаш йили» давлат дастури доирасида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Наманган шаҳар бўлими томонидан Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрига саёҳат уюштирилди.
Мазкур саёҳат давомида Наманган шаҳридаги бир гуруҳ нуроний отахон-онахонлар Қўқон шаҳридаги диққатга сазовор тарихий обидаларни томоша қилишди.
Кейинги йилларда амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари туфайли шаҳар янгича қиёфа касб этгани кексаларда катта таассурот уйғотди. Қадимги меъморий обидалар ҳамда хонлик даврига оид экспонатлар билан яқиндан танишган қариялар халқимизнинг ўлмас тарихий мероси ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлди.
"Шундай дориломон, фаровон юртда яшаётганимдан фахрланаман. Мана, куни кеча мустақиллигимизнинг 24 йиллик шодиёналари республикамиз бўйлаб кенг нишонланди. Айниқса, жорий йил ҳукуматимиз томонидан «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилиниши бизни ниҳоятда қувонтирди. Кексаларга бўлган эътибор, ғамхўрлик, эъзоз ва эҳтиром қайси бир юртда бор? Бугунги саёҳат ҳам биз кексаларнинг хотирамизда бир умр сақланиб қолиши, шубҳасиз. Бу ғамхўрликларнинг бошида турган ҳукуматимизга, «Маҳалла» хайрия жамоат фондига ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман", дейди «Сиҳатгоҳ» маҳалла фуқаролар йиғини фуқароси, меҳнат фахрийси Одинахон Пўлатова.
"Давлат дастури доирасида турли маданий тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрига уюштирилган саёҳат ҳам ана шундай хайрли ишлардан биридир, - дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Наманган шаҳар бўлими раиси ўринбосари Акрамжон Нурматов. - Бу саёҳатдан кўзланган асосий мақсад қадимий қадриятларимиз, ўлмас меросимизни кексаларимизга таништиришдан иборат.