Спорт | 12:41 / 06.10.2015
7943
2 дақиқада ўқилади

"Қорабоғ" футболчиси ноҳақ белгиланган пенальти зарбасини қасддан хато тепди

"Қорабоғ" футболчиси виждон амрига қулоқ солган ҳолда ноҳақ пенальтини голга айлантирмади.

Ушбу воқеа Озарбайжон чемпионатининг 7-тури доирасида Бокунинг "Интер" ва Қорабоғнинг "Қорабоғ" жамоалари ўртасида кечган учрашув вақтида юз берган. Ўйинда меҳмонлар аъзоси Эльвин Мамедов ҳакам томонидан ноҳақ равишда белгиланган пенальти зарбасини голга айлантирмасликка қарор қилган ва тўпни атайлаб дарвоза тўсини устидан ошириб тепган.

"Бу ерда ортиқча қаҳрамонлик йўқ. Барча шундай бўлишини кутганди. Бош мураббийимиз Гурбан Гурбанов ҳам менга шундай қилишим кераклигини айтди. Чунки ўша вазиятда пенальти йўқ эди. Бу футболдаги fair play", дейди ўз ҳаракатини изоҳлаб Мамедов.

Аниқлик киритилишича, пенальти ўйиннинг 90-дақиқасида белгиланган, бу вақтда "Қорабоғ" жамоаси 1:0 ҳисобида олдинда бораётган бўлган. Пенальти Мамедов томонидан қасддан хато амалга оширгач, ўйинга қўшиб берилган дақиқларнинг учинчисида меҳмонлар яна битта гол уришган ва 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишган.

Маълумот учун, 7-тур ўйинларидан кейин "Қорабоғ" жамоаси 17 очко билан турнир жадвалида етакчилик қилмоқда. Тўртинчи ўриндаги "Интер" ҳисобида эса 13 очко бор.