Fujitsu компанияси интерактив кроссовкаларини намойиш қилди
Япониянинг Fujitsu компанияси CEATEC 2015 кўргазмасида “ақлли” соатлари ортидан интерактив кроссовкаларини ҳам намойиш қилди, дея хабар берди Ubergizmo портали.
Кўргазмада кўплаб қизиқарли ишланмалар намойиш этилганига қарамасдан, смарт-оёқ кийимлар кўпчилик эътиборини ўзига тортди. “Ақлли” оёқ кийимининг тагчармига янгича датчик ва сенсорлар жойлаштирилган бўлиб, улар эгасининг жисмоний фаоллигини баҳолаб, бу ҳақдаги маълумотларни гажетларга юборади. Янги авлод ишланмаси саломатликка оид кўплаб кўрсаткичларни “ақлли” билагузук ва соатларга қараганда янада аниқроқ ўлчаш хусусиятига эга экани айтилмоқда. Масалан, ўртача тезлик, юриш ёки югуриш вақтида қанча калория сарфлангани тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши мумкин.
Шунингдек, олинган маълумотлар асосида смарт-оёқ кийимнинг мобиль иловаси фойдаланувчига жисмоний ҳолатини яхшилаши учун зарур тавсияларни бериши мумкин.
Бундан аввалроқ эса Xiaomi “ақлли” кроссовкалар ишлаб чиқариш тўғрисида маълум қилган эди.