Жамият | 10:25 / 08.10.2015
23683
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик эгизак йигитлар пойафзал харид қилишга бориб, бахтларини топишди

Яқинда қозоқча интернетда иккита эгизак жуфтлик бир-бирини топгани ҳақидаги хабар кўп шовшувларга сабаб бўлди. Эгизакларнинг чиройли оилалар қургани кўпчиликнинг олқишларига сабаб бўлди.

Айтилишича, Тўрибек ва Жолдасбек Тўлепбергенўғилларининг дунёга келиши билан ота-онаси уларга эгизак келинлар қидиришга киришиб кетишган. Аммо бутун Оқтовда бундай келин топилмаган.


Келинлар – Асил ва Ойим Бийназаровалар учун эса, аксинча, ҳеч қачон эгизак куёвлар қидирилмаган. Шундай бўлса, тақдир уларнинг йўлини бир жойдан қилди.
“Биз эрларимиз эгизак бўлишини ўйламаганмиз ҳам. Шундай бўлиб чиқди ҳаммаси”, - дейди келинлар.

Тўрибек ва Жолдасбеклар Уральскка ўқигани келиб, қизларни шу ерда учратиб қолишди. Ойим пойафзал дўконида ишларди. Жолдасбек у ерга дўсти билан оёқ кийим харид қилиш учун келиб, орзуидаги қизни учратди.
“У оёқ кийим танлаб, худди шунақаси яна бор-йўқлигига қизиқдим. Нимага кераклигини сўрасам, эгизак акам бор деб жавоб берди, - эслайди Ойим. – Жуда қизиқ, менинг ҳам эгизак опам бор, дедим.

Жолдасбек, гарчи оёқ кийим унга бироз тор келган бўлса ҳам, уни сотиб олди ва, кейин билишимча, ҳамкасбимдан исмимни сўраб, кетди. Кейин у акаси билан бизни бутун Уральск бўйлаб қидиришди. Икки ҳафтадан сўнг топишди”.
Қизлар учрашувга чиқишга фақат 3 ҳафтадан сўнг рози бўлишди, бир йилдан сўнг эса йигитлар уларни турмуш қуришга кўндира олишди.

Кеча, 7 октябрь куни, ёш келинларнинг беточар маросими ўтказилди.
Журналистлар қизлар эрларини қандай фарқлашларига қизиқиб кўришди. Бахтли келинчаклар фақат биринчи учрашувларда бироз адашишганини баён этишди.
“Тўрибек анча келишганроқ кўринади”, - деб ҳазиллашди Асил.