Спорт | 17:31 / 27.10.2015
6318
2 дақиқада ўқилади

«Бавария» клуби раҳбарияти Гвардиолага ультиматум қўйди

Германиянинг «Бавария» клуби раҳбарияти жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиоланинг жамоада қолиш ёки қолмаслик борасидаги қарорини чўзиб юборганидан ҳафсаласи пир бўлган ҳолда унга ультиматум қўйди, деб ёзмоқда «El Mundo Deportivo» нашри Германиянинг «Sport1» телеканали берган маълумотларга таяниб.

Манбада ёзилишича, аввалига немис клуби раҳбарияти испаниялик мутахассисга охирги қарорини айтиши учун 31 декабргача рухсат берганди. Бироқ бу муддат энди қисқартирилди. Натижада Гвардиола бу борада сўнгги қарорини 27 ноябргача айтиши керак бўлади.

Гвардиола клубдаги келажаги ҳақида берилган саволга, «ўзининг иши унга ёқишини, келажаги борасида ҳали жавоб беришга эрта экани» ҳақида ноаниқ жавоблар бериб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Хосеп Гвардиола 2016 йил ёзидан Англиянинг «Манчестер Сити» клубини бошқариши ҳақида хабарлар тарқатилганди.

Шунингдек, «Челси»да кўнгилдагидек фаолият олиб бора олмаётган Жозе Моуриньонинг ўрнини эгаллаши мумкинлиги ҳақида маълумотлар бор.