Жамият | 16:12 / 12.11.2015
9808
3 дақиқада ўқилади

Баҳром Назаров ўз концертида ҳиндистонлик меҳмонлар учун ҳиндча қўшиқ куйлаб берди

2015 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари эстрада хонандаси Баҳром Назаров ўзининг илк яккахон концертини ўтказди. Айтиш жоизки, концерт дастури кутилгандан ҳам аъло даражада, кўтаринки руҳда ташкил этилди.

Икки кун давомида хонанданинг минглаб ашаддий мухлислари пойтахтимиздаги “Истиқлол” санъат саройига ташриф буюриб, ўзига хос шоу дастурига гувоҳ бўлишди. Саҳнанинг бетакрор усулда безатилгани, ёриткичларнинг уйғунликда ҳаракат қилиши, санъаткорнинг томошабинлар олдида кутилмаган ҳолатда пайдо бўлиши концерт ташкилотчилари, Баҳром Назаров жамоасининг профессионал тайёргарлик кўрганидан далолат беради.

Дастурдан хонанданинг халқимиз қалбига чуқур кириб боришга улгурган бир қатор ижод намуналаридан ташқари, уни машҳурликнинг янги чўққиларига олиб чиқа оладиган даражада маҳорат билан куйланган янги қўшиқлари ҳам ўрин олган. Айтиш керакки, ҳар бир янги қўшиқ ўзига хос услубда, тарона мавзуси ва йўналишига мос рақслар ва саҳна кўринишлари орқали халққа тақдим этилди.

Концерт давомида хонанда концертда ҳиндистонлик меҳмонлар ҳам иштирок этаётганини эълон қилиб, улар учун яқиндагина марказий телеканаллардан бирида эфирга узатилган ҳинд сериали саунтрекидан парча ижро этиб берди ва томошабинлар олқишларига сазовор бўлди.
Айтиш керакки, концерт аввалида бир олам хаяжон ва хавотирга ғарқ экани яққол кўриниб турган санъаткор мухлисларнинг олқишу мақтовлари, унинг санъатига беэътибор эмаслигини кўриб, тез орада ўзини бутунлай қўлга олди, барча билан бир жону бир тан бўлиб кетди.

Баҳром Назаровнинг илк яккахон концертига унинг қай даражада яхши ўтишига ишониб-ишонмай ташриф буюрган мухлислар шўх-шодон куй-қўшиқларга йўлакларни тўлдириб рақс тушган бўлса, марҳум онасига бағишлаб ижро этган “Онажоним рўмоли” қўшиғи куйланганида санъаткорга қўшилиб кўз ёшларига эрк беришди.

Умуман, икки кун давомида муҳташам “Истиқлол” санъат саройида ягона байромона муҳит ҳукм сурди.
Хулоса қилиб айтганда, концерт кутилгандан ҳам ортиқ даражада кўтаринки кайфиятда ташкил этилди. Умид қиламизки, санъаткор бундан-да юқори марраларга етиб боради. Чунки унинг ижоди халққа яқин, қалбдан чиққан наволар юракларга етиб бораверади.