Жамият | 11:09 / 02.01.2016
2814
2 дақиқада ўқилади

Samsung Вьетнамдаги технопаркка 2 млрд доллар инвестиция киритади

Samsung корпорацияси Вьетнам ҳукуматидан мамлакатнинг энг йирик шаҳри Хошиминда жойлашган SHTP (Saigon Hi-Tech Park) технопаркига киритадиган инвестицияни оширишга рухсат олди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлигига мажмуа директори Ле Хоай Куок маълум қилди.

Куокнинг айтишича, Samsung компанияси SHTP’га қўшимча 600 млн доллар инвестиция киритишга рухсат олди. Бу пуллар “ақлли” телевизорлар ва турли электрон қурилмаларни ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш ва технопарк ҳудудида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш учун сарфланади.

Дастлаб компания лойиҳага 1,4 млрд доллар инвестиция қилмоқчи бўлганди, энди эса 2 млрд доллар сарфлай олади. Жанубий Корея компанияси ушбу технопаркда ўз маҳсулотларини 2016 йилнинг февраль ойи охирида ёки март ойи бошида ишлаб чиқаришни бошлайди.

Маълум қилинишича, Samsung Вьетнам бозорида энг йирик хорижий инвестициячи ҳисобланади. Компания мамлакатда телевизорлар ишлаб чиқарувчи завод қуриш учун 560 млн доллар, смартфон ишлаб чиқарувчи завод қурилишига 3 млрд доллар сарфлаши ва суюқ кристалли модуллар ишлаб чиқаришини тўлиқлигича мамлакатга ўтказиши маълум қилинганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш