Жаҳон | 21:03 / 03.01.2016
5111
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистоннинг Покистон билан чегараси яқинидаги базага уюштирилган ҳужум туфайли 11 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг Покистон билан чегарадош Панжоб штатидаги Патханкоте шаҳридаги Ҳарбий Ҳаво кучлар базасига жангарилар ҳужум қилиши натижасида ҳалок бўлганлар сони 11, жароҳатланганлар сони 20 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда журналистларга Ҳиндистон ИИВ раҳбари ўринбосари Ражив Мехриш маълумот берган.

"Ҳалок бўлганларнинг 6 нафари ва жароҳатланганларнинг 8 нафари ҲҲК аскарлари. Шунингдек, бу ҳужум натижасида Миллий хавфсизлик хизматининг 5 нафар вакили ҳалок бўлиб, 12 нафари жароҳатланган", дея маълум қилган у.

Унинг айтишича, ҳужум қилган 8 жангаридан 6 нафари ўлдирилган, яна 2 нафари база ҳудудуига яширингани тахмин қилинмоқда.

Ҳужум қилувчилар базага яқин масофадаги қишлоқдан ўғирланган автомобилни минган ҳолда кириб келишган. Уларнинг мақсади базадаги Ми-35 ва МиГ-21 самолётларини олиб кетиш бўлгани айтилмоқда.

Ҳиндистон ҳукумати сўнгги вақтларда бу ҳудудга ҳужумлар уюштираётган жангарилар Покистоннинг Баҳавалпур вилоятидан кириб келаётганини тахмин қилмоқда. Ҳиндларнинг маълумотига кўра, бу жангарилар 2000 йилда Покистонда тузилган "Жаиш Муҳаммад" гуруҳи аъзолари ҳисобланади. 2001 йилда бу гуруҳ вакиллари Ҳиндистон пойтахтидаги парламент биносига ҳужум қилиб, 10 кишининг ўлимига сабаб бўлишганди.
Қайд этиш керакки, Патханкотедаги базага ҳужум Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг Покистон сафаридан қайтиб келишидан бир неча кун ўтиб юз бера бошлади. Моди 25 декабрь куни Афғонистондан қайтишда Покистоннинг Лаҳор шаҳрида тўхтаган ва мамлакат раҳбарияти вакиллари билан учрашганди.

Расмий Исломобод Патханкотедаги воқеаларни қоралаб чиқди.
"Покистон Патханкотедаги базага уюштирилган ҳужумни кескин қоралайди. Биз Ҳиндистон ҳукумати ва халқига ўз таъзиямизни изҳор қиламиз", дейилган мамлакат ТИВ баёнотида.