Жаҳон | 17:49 / 04.01.2016
6669
2 дақиқада ўқилади

Эронлик сиёсатчи: АҚШ Саудия Арабистонини тўхтатиши шарт

Америка-Эрон кенгаши раҳбари, сиёсий шарҳловчи Хушанг Амираҳмадийнинг фикрича, АҚШ оммавий қатл ўтказган Саудия Арабистонига қарши чора кўриши шарт. У бу ҳақда RT нашрига берган интервьюсида маълум қилган.

2 январь куни Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги 47 кишининг(шу жумладан таниқли шиа тарғиботчиси Нимр ан-Нимрнинг) қатл этилиши ҳақида эълон қилган эди.

Сиёсатчининг таъкидлашича, шиа имомига нисбатан қаттиқ адолатсизлик қилинган.

"У (Нимр ан-Нимр – таҳририят изоҳи) қиролликдаги шиалар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилган, лекин мамлакат тартибини ўзгартириш унинг режасида йўқ эди. У террорчи эмасди ва Саудия Арабистони ҳукуматига ан-Нимр томондан ҳеч қандай таҳдид бўлмаган. Шу боис, амалга оширилган қатлни маънисиз деб ҳисоблайман. АҚШ Ар-Риёд хатти-ҳаракатини оғзаки танқид қилиб қўймай, унга қарши амалда чоралар кўриши лозим”, — таъкидлади сиёсатшунос.

Амираҳмадийнинг фикрича, Саудия Арабистони тарафдорлари охирги кунларда буткул назоратдан чиқиб кетди. Улар Яман ва Баҳрайнда шиалар етакчиларини ҳамда оддий шиаларни ўлдирмоқда.

"Уларни тўхтатиш лозим. Мени фикримча, АҚШ ҳукумати Саудия Арабистонига у бошқа бундай давом эттира олмаслигини аниқ кўрсатиши керак”, — таъкидлади эксперт.

Амираҳмадийнинг фикрича, гап Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги келишмовчилик ҳақида бораётгани йўқ. “Бу шиа ва суннийлар ўртасидаги можаро”, —деди у.

"Ислом дунёси 1,6 миллиард кишидан ташкил топган, уларнинг аксарияти суннийлардир. Афсуски, дунёни ларзага солиб келаётган террорчилар ҳам суннийлардан ташкил топган", — таъкидлайди сиёсатшунос.

Амираҳмадийнинг сўзларига қараганда, ҳеч қайси ҳукумат ушбу муаммога эътиборсиз қараши мумкин эмас."

Икки мамлакат ўртасидаги қаршиликни бартараф этиш лозим, чунки улар салкам уруш ёқасида туришибди", дейди у.