Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда хўжалик субъектларини тугатиш тартиблари соддалаштирилади
Республиканинг бир қатор вазирлик ва маҳкамалари ташкилотлар фаолиятини тўхтатишнинг амалдаги тартибларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқаришга киришишди, дея хабар бермоқда Sputnik агентлиги Иқтисодиёт вазирлигидаги ахборот манбаси маълумотларига асосланган ҳолда.
Айни пайтда Ўзбекистонда тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектлари фаолиятини тўхтатиш жараёни узоқ даврни талаб қилиб, бир қатор мураккаб босқичларни ўз ичига олади. “Агарда ташкилот уч ой давомида банк ҳисоби бўйича фаолиятини юритмаса ёки олти ой муддатда ишлаб чиқаришни амалга оширмаса, амалдаги қонунчиликка кўра, унинг фаолиятини тўхтатишга киришилади.
Бироқ бу давлат органлари томонидан мажбурий режалаштирилмаган текширувларда ҳам кўриб чиқилади. Шу ерда турли кўринишдаги қийинчиликлар пайдо бўлади”, - деди агентлик суҳбатдоши.Бугунги кунда давлат реестрида беш йилдан зиёд вақт мобайнида ўз фаолиятини юритмаган юридик шахслар тўхтатилган ташкилот сифатида қайд этилади. Унга кўра, текширувлар жараёни тугалланмаган бўлса, тегишли давлат органлари уларни реестрдан чиқара олмайди.
Бу эса уларни тугатишга ҳам имкон йўқлигини англатади.
“Булар, биринчидан, текширувларнинг ўзи узоқ муддат давом этиши билан боғлиқ. Иккинчидан, баъзида улар натижасида на раҳбар, на ташкилот мулкларини аниқлаш мумкин бўлади. Бусиз тугатиш ишларини олиб бориш имконсиз.
Шунинг учун қонунчиликдаги бу каби ноқисликларни кўриб чиқиш ва уларни такомиллаштириш таклиф этилмоқда. Айни пайтда биз асосий масъул ташкилот ҳисобланган Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бунинг устида ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз”, - деди мутахассис.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, хўжалик субъектларини тугатиш бўйича янги тартибларни ишлаб чиқишга масъул ҳисобланган Давлат солиқ қўмитаси, Давлат рақобат қўмитаси, Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари икки ой муддат ичида тайёр таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритишлари белгиланган.