Жаҳон | 20:54 / 05.01.2016
5716
1 дақиқада ўқилади

Баҳрайнда шиалар хатибининг қатлидан норози бўлганлар навбатдаги норозилик намойиши ўтказишди

Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида Саудия Арабистони томонидан шиалар хатиби Нимр ан-Нимрнинг қатл этилишига норози кишилар оммавий норозилик намойишларини ўтказишди. Бу ҳақда Associated Press хабар берган.

Агентлик маълумотига кўра, улар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ёнувчи қоришмали шиша улоқтирди, бунга жавобан полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва бошқа махсус воситаларни қўллади. Баъзи хабарларга кўра, тўқнашув вақтида сочма ўқ қўлланилиши натижасида жабрланганлар бор.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони ИИВ 2 январь, шанба куни 47 кишини қатл қилгани, улар орасида шиа уламоси Нимр ан-Нимр ҳам борлигини маълум қилди. Шундан сўнг Эрон пойтахтидаги Саудия Арабистони элчихонасига намойишчилар бостириб кирди. Бунга жавобан Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик муносабатларни узди.