Жаҳон | 15:08 / 05.01.2016
3433
2 дақиқада ўқилади

Малайзия Эрондан хорижлик дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлашни талаб қилди

Малайзия Яқин Шарқдаги воқеалар ривожидан хавотирдалигини билдирди ва Эрон ҳукуматидан хорижлик дипломатик ваколатхоналар ходимларининг хавфсизлигини таъминлашни талаб қилди. Бу ҳақда 5 январь куни Малайзия Ташқи ишлар вазири Анифа Аман маълум қилган.

Куала-Лумпурдагилар "эронликлар шиалар хатибининг қатлига қарши Саудия Арабистонининг элчихонаси олдида намойиш ўтказишгани"ни қаттиқ қоралайди.

"Биз Эрон ўз ҳудудидаги барча хорижий дипломатик ваколатхоналар вакиллари хавфсизлигини 1961 йилда тузилган Вена конвенциясига риоя қилинган ҳолда таъминлаши керак, деб биламиз. Бундан ташқари, Эрон ҳукумати элчихонага ҳужум қилиб, уни ёқиб юборганларни жазолаши керак", дейди малайзиялик вазир.

У шунингдек, Яқин Шарқда юзага келган вазиятдан ташвишга тушгани ҳақида билдириб ўтган.

Саудия Арабистони Теҳрондаги намойишлардан кейин, 4 январь куни Эрон билан дипломатик муносабатларни тўхтатгани ҳақида элон қилди. Шу куни, Баҳрайн ва Судан ҳам Эрон билан алоқаларини узди.

БАА ва Кувайт эса Теҳрондан ўз элчиларини чақириб олган.