Жаҳон | 20:09 / 05.01.2016
7829
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда героин сотаётган пенсия ёшидаги аёл ҳибсга олинди

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида истиқомат қилувчи уч аёл героин моддасини сотиш пайтида қўлга олинди. “Огоҳ” газетасининг хабар беришича, гуруҳга 66 ёшли аёл Гулҳаё Ғозиева бошчилик қилган.

Айтилишича, Ғозиева сурхондарёлик Шавкат исмли танишидан героин харид қилиб, уни 23 майда қисмларга бўлади ва ҳар бир қисмни зарқоғозларга ўраган. Тайёрланган модданинг 1 грамми 45 минг сўмга сотилган.

Жумладан, Ғозиева таниши Салимага 3 гр героин етказган. Сўнг Юнусобод туманига бориб, шериги С. Янгабаевага 19 зарқоғоздаги моддаларни бериб кетган. Янгабаева пулини сотилганидан сўнг бериш шарти билан героинга мижоз қидира бошлаган.
Бундан ташқари, С. Иброҳимова исмли шеригига Ғозиева 4 зарқоғоздаги моддани етказиб берган.

Аёллардан бири ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг шубҳасини уйғотиб, қўлга олинган. Сўроқ асносида бутун гуруҳ фош этилган.

Бугунги кунда тергов ишлари давом этмоқда.