Жаҳон | 18:11 / 06.01.2016
4728
2 дақиқада ўқилади

БМТ ХК фавқулодда мажлис ўтказиб, КХДРда водород бомбаси синовдан ўтказилганини муҳокама қилади

6 январь куни Нью-Йорк вақти билан соат 11:00да БМТнинг Хавфсизлик кенгаши навбатдан ташқари фавқулодда мажлис ўтказади. Мажлисда бугун КХДР томонидан водород бомбаси синовдан ўтказилгани масаласи муҳокама қилинади.

Мазкур учрашув ташаббуси АҚШ ва Япония томонидан билдирилган.

Бугун Шимолий Корея ҳукумати мамлакат шимоли-шарқида водород бомбасини муваффақиятли тарзда синовдан ўтказганини маълум қилганди.

Ундан олдинроқ, 6 январга ўтар кечаси қатор мамлакатларнинг сейсмология хизматлари Шимолий Кореядаги ядровий полигонга яқин ҳудудда 5,1 магнитудали зилзила қайд этилгани, ерости силкинишларига техноген омил (ядровий синовлар) сабаб бўлгани ҳақида хабар берганди.

Шундан сўнг, бир қатор мамлакатлар бу ҳаракатни қоралаб чиқишди.

Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе мамлакат Хавфсизлик Кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказиш ва ўз қуролли кучларининг тўлиқ ҳарбий ҳолатга келиши ҳақида қарор қабул қилган.

Бироқ Жанубий Корея разведкаси КХДРда водородли портлаш содир бўлганини шубҳа остига олди. У 6 январь, чоршанба куни ядро синови натижасида юз берган зилзила магнитудаси етарлича кучли эмас деб ҳисоблайди.

Япония бош вазири Шиндзо Абэ водород бомбаси устидаги тажриба масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолари билан муҳокама этиш лозимлигини таъкидлаган. Шунингдек, Шимолий Кореядан Японияга катта хавф туғилаётганини айтиб ўтган.

АҚШ Шимолий Кореянинг БМТ ХК резолюциясини бузган бўлиши мумкинлигини таъкидласада, аммо воқеа юзасидан аниқ маълумотга эга эмаслигини билдирган. Қўшма Штатлар Корея ярим оролида ер қимирлашидан хабардорлигини ва воқеаларни кузатиб бораётганини айтиб ўтган.

Франция ва Буюк Британия ҳам Пхеньяннинг БМТ ХК резолюциясини бузгани ва водород бомбаси тажрибасини кескин қоралашини таъкидлади.