Жаҳон | 09:11 / 06.01.2016
4412
2 дақиқада ўқилади

Обама: Қурол сотиб олувчилар ягона қонунга бўйсунишлари керак

АҚШ президенти Барак Обама барча қурол сотиб олувчилар ягона қонунга итоат қилишлари кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатди.

Обаманинг сўзларига кўра, қурол харид қилаётганлар мамлакатда қотилликлар ва отишмаларнинг олди олиниш бўйича олиб борилаётган ҳаракатларга таъсир кўрсатиши мумкин.

Унинг қайд этиб ўтишича, конгресс бу ҳақда қарор қабул қилишда ақл билан иш тутмоғи, шу билан биргаликда имкон қадар тезроқ қарор чиқармоғи керак.

Бундан олдинроқ, АҚШда қурол сотиш тартибига ўзгартириш киритилгани хабар қилинганди. Янги тартибга кўра, қурол сотувчи қурол олувчининг биографияси билан тўлиқ танишиб чиқиши лозим бўлади.

Мазкур иш билан шуғулланиш учун эса алоҳида гувоҳнома олиш зарур бўлади. Мазкур гувоҳномани қурол сотиш дўконлари эгалари ва қуролларни интернет орқали сотувчилар ҳам олишлари лозим.

Қурол сотиб олувчи фаол харидорлар биографиясини Федерал қидирув бюроси текшириб чиқади. Бунинг учун бюронинг ушбу бўлимидаги штатлар сонини 50 фоизга кўпайтириш учун Обама Конгрессдан 200 млн доллар ажратилишини сўраган.

АҚШда қурол сақлаш ва уни олиб юриш ҳуқуқи мамлакат Конституциясига киритилган иккинчи ўзгартиришда кафолатланган.