Жамият | 14:19 / 07.01.2016
8083
2 дақиқада ўқилади

Кёльн ҳокими немис хотин-қизлари тегажоғликдан қутулиш учун феъл-атворини ўзгартириши лозим деб ҳисоблайди

Кёльн обер-бургомистри Ҳенриетта Рекер RP Online нашрига берган интервьюсида немис аёлларига жинсий зўравонлик ва тегажоғликдан қутулиш учун бир қанча тавсиялар берди. Spiegel газетасининг ёзишича, унинг сўзлари интернетда норозиликни келтириб чиқарган.

Рекер хонимнинг фикрича, аёллар ўзларининг жамоат жойларидаги юриш-туришларини қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлур эди. Жумладан, улар нотанишлардан узатилган қўл масофасида узоқ турмоғи лозим.

“Бегоналар билан ўз ташаббусингизга кўра яқинлашиш йўлларини қидирманг”, - дейди амалдор.Шунингдек, у аёлларга кўчаларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб юришни тавсия қилди.
“Аёллар жинсий тегажоғлик қурбони бўлмаслиги учун уларга хулқ-атвор кодекси тузиб бериш керак”, - деди Кёльн ҳокими.

Шунингдек, у қочқинлар билан тушунтириш ишлари олиб бориш кераклигини таъкидлади.Унинг бу тавсияларига жавобан Twitter микроблогида #einearmlänge (узатилган қўл масофаси) хештеги тарқатила бошланди.

ГФР адлия вазири Хайко Маас ўз микроблогида жавобгарлик аёлларда эмас, жиноятчиларда эканлигини таъкидлади. Frankfurter Allgemeine Zeitung газетаси ҳам Рекер хонимни айбни зўравонлик қурбонларига юклашда гуноҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, 5 январь куни Кёльн полицияси 90га яқин аёл Янги йил кечаси “Африка ва араб кўринишига эга” шахслар томонидан амалга оширилган тегажоғлик ва зўравонлик қурбони бўлганлигини баён қилди.

Шаҳар полицияси бошлиғи Вольфганг Альберс умумий миқдорда майдонда 15-35 ёшдаги мингга яқин эркак тўпланиб, аёлларни қуршаб олишга ҳаракат қилганларини, бунга тўсқинлик қилишга уринганларга таҳдид солганларини таъкилади.