Жаҳон | 10:57 / 08.01.2016
3953
1 дақиқада ўқилади

Баҳрайн тахти вориси Форс кўрфазидаги тарангликни юмшатишга чақирди

Баҳрайн қироллиги тахти вориси, мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони ўринбосари амир Салмон ибн Ҳамад Ал Халифа АҚШ элчиси Вильям Рубек билан учрашув вақтида Баҳрайн "минтақадаги танг вазиятни юмшатиш" тарафдори эканини таъкидлаган.

"Тахт вориси минтақада юзага келган сиёсий инқироз ҳолатидан чиқиш чораларини кўриш ва ҳудудда хавфсиз ҳамда барқарор вазиятни таъминлаш учун халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда, давлатларнинг суверенитетлари тамойилларини ҳисобга олган ҳолда зарур қарорлар қабул қилиш керак, деб ҳисоблайди", дейилади Ал Халифанинг маъмурияти хабарида.

Шаҳзода америкалик элчи билан Баҳрайн ва Эрон муносабатларидаги тушунмовчиликнинг ечими тўғрисида гаплашишган. Улар барча алоқалар яхшиланиши зарурлигини таъкидлашган.

Ҳафта аввалида Баҳрайн Саудия Арабистони ортидан Эрон билан алоқаларини узганди. Баҳрайн ТИВ Эронни Саудия Арабистони ва Форс кўрфазидаги бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашишда айблаган.