Жаҳон | 09:49 / 08.01.2016
4483
2 дақиқада ўқилади

Комор ороллари Эрондаги элчисини чақириб олди

Комор ороллари иттифоқи республикаси "Саудия Арабистонига садоқат рамзи" сифатида Эрондан элчисини чақириб олди ва расмий Теҳрон билан дипломатик муносабатларни узди. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлигининг расмий газетаси "Ал-Ватан" нашрида маълум қилинган.

Вазирликнинг қайд этишича, Комор ороллари Саудия Арабистони билан дўстона муносабатларни давом эттиришдан манфаатдор ва коморликлар "Саудия Арабистонининг ички ишларига ташқаридан таъсир ўтказилишини қоралайди".

Бу кичик давлат Ҳинд океанида жойлашган бўлиб, унинг аксар аҳолиси мусулмонларнинг сунний мазҳабига мансуб ҳисобланади. Бу давлат Араб давлатлари лигаси вакилидир.

2 январь куни Саудия Арабистони шиалар хатиби Нимр ан-Нимрни қатл қилгач, Теҳрондаги саудияликлар элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказилди ва элчихона биносига ўт қўйилди.

3 январь куни Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик муносабатларни узгани ҳақида эълон қилди. Шундан кейин Баҳрайн, Судан, Жибути ва Сомали ҳам Эрон билан дипломатик муносабатларни узгани ҳақида билдирди. БАА, Кувайт, Қатар ва Иордания эса Теҳрондаги элчиларини ортга чақириб олишган.

10 январь куни Араб давлатлари лигаси фавқулодда йиғилиш ўтказиб, Саудия Арабистони ва Эрон муносабатларини муҳокама қилишади.