Жамият | 23:16 / 08.01.2016
8508
2 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг Миробод туманида ёш оилалар учун қурилган янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида 32 хонадондан иборат 2 кўп қаватли уй бунёд этилди. Ушбу замонавий уйлар илм-фан, маданият, спорт соҳаларида эришган улкан ютуқлари билан Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, ватан шарафини жаҳон миқёсида улуғлаётган иқтидорли ёшларга берилди.

Давлат раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жамиятимиз ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган, изланувчан, ташаббускор ёш оилалар учун янги уй-жойлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

2015 йилда Тошкентнинг Сергели, Учтепа ва Бектемир туманларида намунавий лойиҳа асосида бешта «Камолот» уйи бунёд этилиб, 160 ёш оилага топширилди.

Янги йилнинг илк кунларида дзюдо бўйича етти карра Ўзбекистон чемпиони, қатор халқаро турнирлар ғолиби Ҳамид Отажонов Миробод тумани Чинор маҳалласида барпо этилган янги уйлардан бирининг соҳибига айланди.

"Халқаро мусобақаларда хорижлик тенгдошларимнинг мамлакатимизда биз, ёшларга яратилаётган шарт-шароитларга ҳавас қилганига кўп гувоҳ бўлганман. Ёшларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши йўлида амалга оширилаётган бундай ғамхўрлик учун Президентимиздан миннатдормиз", дейди Ҳ.Отажонов.