Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда улфатини ўлдириб қўйган шахслар 16 йилга қамалиб кетди
Қашқадарёда улфатини ўлдириб қўйган шахслар 16 йилга қамалиб кетди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри хабар бермоқда.
Айтилишича, Панжи Ачилов ва Қодир Раҳмонов исмли шахслар 60 ёшдан ошган Юрий Юрасов исмли шахс билан улфатчилик қилиб келишган. Бу учовлон деярли ҳар куни маст аҳволда юриб, маҳалла аҳлига яхши таниш бўлиб қолган эди.
Ачилов ва Раҳмоновлар Юрасов орқали Борджак Джумаев билан танишишган. Улар Джумаевнинг уйида ўтириб ароқ ичишган, сўнг, орадан бир муддат ўтиб, арзимас сабаб билан жанжал келиб чиққан. Раҳмонов бўшаган шиша билан уй эгасининг бошига зарба берган, Ачилов эса пичоқни унинг кўкрагига санчган.
Содир этилган қотилликдан сўнг улфатлар бирдан хушёр тортган ва жиноят ишларини яширишга ҳаракат қилишган, лекин милиция ходимлари бир кун ичидаёқ уларни қўлга олган.
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди Панжи Ачилов ва Қодир Раҳмоновга 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жиноятни яширишга ёрдамлашгани учун Юрий Юрасовга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш билан 2.5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.