Ўзбекистон | 11:07 / 11.01.2016
7904
1 дақиқада ўқилади

2016 йилда Ўзбекистонда 4 млрд долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилади

Ўзбекистон 2016 йилда 154та инвестицион лойиҳа бўйича 4,042 миллиард доллар ҳажмдаги хорижий сармояни ўзлаштиришни режалаштирмоқда. Бу президент Ислом Каримов томонидан имзоланган жорий йилдаги Инвестицион дастурдан ўрин олган, дея хабар бермоқда Gazeta.uz.

Ҳукумат томонидан кафолатланган хорижий кредитлар эвазига 69та лойиҳа бўйича 1,339 миллиард доллар ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлса, 85та лойиҳа бўйича 2,703 млрд доллар — тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилади.

Энг кўп хорижий инвестициялар — 2,29 млрд доллар иссиқлик-энергетика соҳасидаги 34та лойиҳага йўналтирилади. 2,104 млрд долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эса нефть-газ соҳасидаги 14та лойиҳага ажратилади.

Бундан аввалроқ эса 2015 йилда Ўзбекистон 3,53 млрд долларлик ҳажмдаги хорижий инвестицияни ўзлаштиришни режалаштиргани хабар қилинган эди. Ҳукумат маълумотига кўра, 2015 йилнинг январь-сентябрь ойида ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми ундан аввалги йилнинг худди шу даврига нисбатан 11 фоизга ортиб, 2,4 миллиард долларни ташкил этганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш