Жаҳон | 18:53 / 12.01.2016
3912
2 дақиқада ўқилади

ОПЕК нефть нархининг пастлаётгани сабабли март ойида фавқулодда мажлис ўтказиши мумкин

ОПЕК нефть баҳоси баррелига 30 доллардан тушган тақдирда, март ойида фавқулодда мажлис чақиради, дея хабар бермоқда FXStreet портали Нигерия нефть вазири Эммануэль Ибе Качикву сўзларига асосланган ҳолда.

Унинг айтишича, ҳаттоки айни пайтдаги нарх ҳам учрашув ташкил этиш заруриятини уйғотади. Качиквунинг қўшимча қилишича, учрашувдан асосий мақсад нарх сиёсатини кўриб чиқиш ва зарурат туғилган тақдирда, тузилма фаолияти стретегиясини ўзгартиришдан иборатдир.

“Биз аввалроқ агарда нефть нархи баррелига 35 долларга етса, навбатдан ташқари мажлис ўтказиш имкониятини кўриб чиқишимиз тўғрисида сўзлаган эдик”, - деди Качикву.

Нефть нархининг арзонлашиши 4 декабрдаги ОПЕК йиғилишидан сўнг тезлашган эди. Йиғилиш якунларига биноан, нефть қазиб олиш квотасини оширмаслик ва уни кунига 30 миллион баррел даражада сақлашга қарор қилинди.

Февраль учун фючерс савдолари вақтида эса Нью-Йорк товар биржаси (NYMEX)да WTI маркали нефть баҳоси 0,68 фоизга арзонлаб, бир баррели учун 30,73 долларга тушди.