Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Касаба уюшмалари Ватан ҳимоячилари куни арафасида байрам тадбирлари ўтказмоқда
Президентимизнинг 2015 йил 9 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Фармойишига мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ушбу байрамни кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан юртимизнинг барча гўшаларида Ватан ҳимоячилари куни байрамига бағишлаб “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар, ижтимоий акциялар ташкил этилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати Kun.uz сайтида мазкур тадбирлардан бир қанчаси тўғрисида маълумотларни тақдим этди.
Ҳизмат бурчини адо этиш вақтида ҳалок бўлган 270 нафар ҳарбий хизматчи оиласига манзилли моддий ёрдам кўрсатилди
Юртимизнинг турли ҳудудларида муваффақиятли ўтказилаётган “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” акцияси доирасида хизмат бурчини адо этиш вақтида ҳалок бўлган 270 нафар ҳарбий хизматчи оиласига манзилли моддий ёрдам кўрсатиш, улар фарзандларига Янги йил совғаларини ҳадя этиш, ҳарбий аёлларни рағбатлантириш, ҳарбий қисмларда маънавий-маърифий учрашувларни юқори савияда, байрамона кайфиятда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан ташкил этилди. Унинг доирасида хизмат вазифасини бажаришда ҳалок бўлган бир қатор ҳарбий хизматчилар оиласидан хабар олиниб, ватанпарвар, мард ўғлонларни тарбиялаган ота-оналарига миннатдорлик билдирилди.
– Ўғлим Баҳром ички ишлар тизимида хизмат қилар эди, – дейди Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Улуғбек Эргашев. – Болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қилар эди. Юртимизда ёшлар учун яратилган барча шароит ва имкониятлар самарасида, ўғлим ўз ҳаёт йўлини Ватан ҳимояси, эл-юрт тинчлиги билан уйғун кўрди. Мен ўз юртига садоқатли фарзандни вояга етказганимдан, ўғлимнинг порлоқ хотираси кенг жамоатчилик, дўстлари ва яқинлари, ўқувчи-ёшларнинг ҳамон ёдида эканидан ғоят ҳаяжондаман.
Акция доирасида ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига манзилли моддий ёрдам, фарзандларига янги йил байрами совғалари топширилди. Бундай тадбирлар юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда.
Сирдарёлик ёшлар мукофотланган ҳарбийлар билан учрашди
Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан ҳарбий қисмларда ва меҳнат жамоаларида ўтказилди.
Гулистон ҳарбий округига тегишли ҳарбий қисмда ўтказилган тадбирда юртимиз тинчлиги ва осойишталиги кечани-кеча, кундузни-кундуз демай мамлакатимиз сарҳадларини қўриқлаётган ҳарбийларимизга нечоғлиқ боғлиқлиги, бугун дунёда рўй бераётган нохуш жараёнларнинг юртимизда рўй бермаслиги учун давлатимиз ва ҳарбийларимиз томонидан малга оширилётган саъй-ҳаракатлар хусусида сўз борди.
“Миллий армиямиз – ғуруримиз, ифтихоримиз!» мавзусидаги яна бир тадбир Мирзаобод туманидаги ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежида, “Ҳарбий хизмат – мардлик, жасорат ва чиниқиш мактаби” номли тадбир Гулистон шаҳридаги қурилиш, уй-жой коммунал хизмат касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган ёшлар давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, хусусан, “Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик аълочилари” нишони соҳиблари Алишер Абдурасулов, Шоҳруҳ Каримов, Шуҳрат Қорақуловларнинг, “Жасорат” медали соҳиби Одилжон Исмоилов, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби Шуҳрат Бўриев иштирокидаги суҳбатларни катта қизиқиш билан тингладилар ва улардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Учрашув иштирокчилари ватанга хизмат – олий мақсад эканлиги, ҳар бир йигит борки, Ватан деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизматни ўзига шараф деб билиши зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
10 нафар илғор ҳарбий аёлга касаба уюшмаларининг совғалари топширилди
Жорий йилнинг 9 январь куни Термиз шаҳар “Истиқлол” ресторанида Сурхондарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан 14 январь Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан “Касаба уюшмалари – харбийларга” акцияси доирасида тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида 10 нафар илғор ҳарбий аёлга касаба уюшмаларининг совғалари топширилиб, Ўзбекистон Республикасининг суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш йўлида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган 14 нафар харбий хизматчининг оилаларига манзилли ёрдам кўрсатилди.
Самарқанддаги байрам таниқли санъаткорлар чиқишлари билан янада қизиди
Самарқанд гарнизони офицерлар уйида ҳам “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсин, муқаддас Ватан” шиори остида маданий тадбир ўтказилди.
Тадбирда сўза чиққанлар Ўзбекистон Республикасининг “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонунлари, умумҳарбий низомлар асосида миллий армиямизнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилганлигини, қўшин турларининг ўзаро ҳаракатланишини такомиллаштириш, уларни замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш, жанговар ва ўқув-тайёргарликнинг маъно-мазмуни, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими тубдан янгиланганлигини такидлашди.
Тадбирда таниқли санъткорлар томонидан озод ва обод юртимиз, унинг ишончли посбонлари мадҳ этилган қўшиқлар ижро этилди.