Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Обама: АҚШ иқтисодиётидаги пасайиш ҳақидаги гаплар - қуруқ сафсата
Барак Обама АҚШ президенти сифатида Конгрессга қилган сўнгги анъанавий йиллик мурожаатида АҚШ иқтисодидаги қулаш тўғрисидаги ҳар қандай гап "шунчаки сиёсий бўҳтон" эканини айтиб ўтган. Унинг чиқиши CNN телеканалида трансляция қилинди.
Америкаликлар президентининг қайд этишича, Қўшма Штатлар Ер юзидаги энг қудратли давлат ҳисобланади ва дунёда бирон халқаро муаммо юзага келса, биринчи навбатда Россия ёки Хитойга эмас, Вашингтонга мурожаат қилишади.
Унинг қайд этишича, АҚШнинг 2015 йилдаги ҳарбий соҳа учун харажатлари 601 миллиард долларни ташкил этди. Бу биринчи ўнликдаги саккиз давлатнинг харажатларини жамлаганда ҳам кўп. Қурол-яроғ экспортида ҳам америкаликлар пешқадамлик қилмоқда, кейинги ўринларни эса Россия ва Хитой эгаллаган.
Обама дунёдаги ҳеч қайси давлат армияси АҚШ армиясига қарши бора олмаслигини, бундай йўл ҳалокатга элтишини билишини айтиб ўтган.
"Ҳар куни разведка маълумотлари тўғрисида брифинг ўтказадиган одам сифатида айтишим мумкинки, бугунги дунёда биз янада катта хавфлар таҳдидида қолмоқдамиз. Лекин бу АҚШнинг ҳарбий қудрати камайгани ёки дунёда бошқа қудратли куч пайдо бўлгани билан боғлиқ эмас. Эндиликда биз қандайдир ёвуз империялар билан эмас, парчаланган давлатлар муаммоси билан тўқнашмоқдамиз", дейди Обама.
Унинг қўшимча қилишича, Яқин Шарқ асрий зиддиятлар асоратида яшамоқда. Узоқ Шарқда эса Хитой иқтисодиётида пасайиш кузатилмоқда.
У Россиянинг иқтисодиёти заифлашиши фонида Украина ва Сурия Россия таъсиридан чиқиб кетаётганини қайд этган.
Унинг хулоса қилишича, Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг шаклланган халқаро хавфсизлик тизими янги реалликка мослашишга ҳаракат қилмоқда.