Жаҳон | 13:26 / 14.01.2016
2836
1 дақиқада ўқилади

ОАВ: Жакартада ҳужум уюштирган жангарилардан 4 нафари ўлдирилди

Индонезия махсус хизмати ходимлари ва полициячилар Жакартада терактлар содир этиб, отишма бошлаган жангарилар гуруҳининг 4 нафар вакилини йўқ қилган. Бу ҳақда CNN хабар тарқатган.

"Тахмин қилинишича, жангарилар портлашлардан кейин тумандаги кинотеатр биносига кириб яширинган. Бино ичида одамлар бўлиши мумкин. Айни вақтда бино атрофи ўраб олинган", дейилади Ал-Жазира телеканали хабарида.

Ҳудудга зирҳли машиналар келтирилган.

Охирги маълумотларга кўра, бу теракт қурбонлари сони 7 нафар ва уларнинг 3 нафари полициячилар.

Портлашлардан бири Sarinah номли савдо маркази, яна бири БМТ биноси ва Starbucks кафеси оралиғида содир бўлгани хабар қилинганди. Портлашлар рўй берган туманда ҳашаматли меҳмонхоналар, офис бинолари ҳамда бир қанча давлатларнинг элчихоналари жойлашган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш