Ўзбекистон | 09:29 / 16.01.2016
3407
1 дақиқада ўқилади

Буюк Британия ва Ўзбекистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди

2016 йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллен билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида хабар берилади.

Суҳбат чоғида 2016 йилда ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига урғу берган ҳолда икки томонлама муносабатлар батафсил кўриб чиқилди.

Парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётига илғор технологияларни жалб қилиш учун икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш бўйича таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда маданий-гуманитар соҳадаги, жумладан Ўзбекистон ва Буюк Британия илмий ва таълим муассасалари ўртасидаги алмашинувларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.