Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Avtobor.uz: Аварияга учраганлар нималар қилиши ва нималардан қочиши керак?
Эҳтиётсизлик ёки бошқа сабаб билан йўл-транспорт ҳодисасига учраган киши биринчи навбатда нималар қилиши, қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши керак? Avtobor.uz сайти мазкур масалага эътибор қаратган ҳолда ҳайдовчининг бахтсиз ҳодиса вақтидаги хатти-ҳаракатларини бирма-бир санаб чиқди. Зеро, ЙТҲ вақтидаги тўғри ҳаракат кейинги оғир оқибатларнинг олдини олиш, талофат ва йўқотишлар даражасини камайтиришга хизмат қилади.
Демак, йўл-транспорт ҳодисасига дуч келиб қолсангиз:
-дарҳол автомобилни тўхтатиб, авария чироқларини ёқинг, ўзингизни қўлга олишга ҳаракат қилинг, назоратни йўқотманг, ҳаммаси вақт ўтиши билан изига тушиб кетишини унутманг;
-авариявий тўхташ белгисини жойлаштиринг. Ушбу белгининг ҳар бир автомобилда бўлиши қонунда белгилаб қўйилган. Уни аҳоли пунктида 15 метр, шаҳар-қишлоқлардан ташқарида эса 30 метр масофага жойлаштириш талаб қилинади;
- транспорт воситасини ва ҳодисага дахлдор буюмларни жойидан қўзғатманг
-жазавага тушманг, ЙТҲнинг бошқа иштирокчилари билан можарога борманг;
-агарда жабрланганлар бўлса, уларга биринчи тиббий ёрдам бериш учун керакли чораларни кўринг;
- «Tез тиббий ёрдам»ни чақиринг, шошилинч ҳолларда эса шикастланганларни яқин орадаги даволаш муассасасига йўлакай транспортда жўнатинг. Бунинг иложи бўлмаганида эса жароҳатланган кишини ўз транспорт воситангизда шифохонага олиб бориб, исм-шарифингиз, машинангиз давлат рақамини маълум қилинг ва ҳодиса жойига қайтиб келинг;
- агар бошқа транспорт воситаларига ҳалал бераётган бўлса, аввало машина, ҳодисага алоқадор буюмлар ва изларни қайд этинг (сурат, видеога олиш, имкони бўлганда гувоҳлар иштирокида);
- ҳодиса ҳақида милицияга хабар беринг, гувоҳларнинг исм-шарифини ва манзилгоҳини ёзиб олиб, милиция ходимларининг келишини кутинг;
-агар йўл–транспорт ҳодисасида шикастланганлар бўлмаса ва ЙТҲнинг бошқа иштирокчилари билан келиша олсангиз, олдиндан ҳодиса чизмасини тузиб, уни имзолаб, яқин орадаги ДАН маскани ёки милиция органига ҳодисани расмийлаштириш учун боришларингиз мумкин.
Бунга қўшимча қилиб айтиш керакки, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойга ИИВ ЙҲХБ ходимлари билан биргаликда, суғурта агентларини чақириш ҳам тавсия этилади. Бу суғурта бадалини олиш учун амалга ошириладиган жараёнларни тезлаштиришга имкон беради.
Қонунга кўра, суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) ёки унинг вакили суғурта ҳодисаси содир бўлганда мажбурий суғурта шартномасида назарда тутилган муддатдан кечиктирмай, содир бўлган ҳодиса ҳақида ёзма шаклда, суғурта полисининг нусхасини илова қилган ҳолда суғурталовчига ёки унинг филиалига ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдаги ва транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига билдириши талаб этилади. Билдиришномада ҳодисанинг хусусияти, содир бўлган пайти, кўрилиши тахмин қилинган зарарнинг миқдори, йўл-транспорт ҳодисасига алоқадор барча шахсларнинг, шу жумладан, тахмин қилинган даъвогарларнинг номлари ва манзилларига оид ахборот имкон қадар тўлиқ ҳажмда, шунингдек суғурта қилдирувчи ҳодиса ҳақида илк маротаба қай тарзда хабардор бўлганлиги ва суғурта қилдирувчининг нега ҳодисани талабнома билдиришга сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблашига оид тафсилотлар мажбурий тартибда кўрсатилиши керак.
Жабрланувчи ёки айбдор томон бўлишингиздан қатъи назар, ЙТҲ бўйича расмийлаштирилиши талаб қилинадиган барча ҳужжатларда керакли маълумотларнинг тўлиқ киритилишига эътибор қаратиб, барча қонун-қоидаларга риоя қилинг. Зеро, ҳодиса жойида қочиб кетиш, яшириниш, айбни бошқаларга юклаш ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ўзингизни тийишингиз фақатгина манфаатингизга хизмат қилади.
Ҳайдовчи, йўловчи ёки пиёда сифатида йўлда ҳаракатланар экансиз, сизнинг хавфсизлигингиз учун ишлаб чиқилган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилинг. Avtobor.uz сайти сизга ҳамиша йўлингиз бехатар бўлишини тилайди.