Жаҳон | 08:58 / 19.01.2016
2824
1 дақиқада ўқилади

Черногория ТИВ раҳбарини БМТ бош котиблиги лавозимига номзод сифатида тавсия қилди

Черногория ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Игор Лукшични БМТ бош котиблиги лавозимига номзод сифатида расман илгари сурди, дея хабар бермоқда ТАСС.

Мамлакат ҳукуматининг халқаро ташкилотга йўллаган мактубида келтирилишича, Лукшич бош котиблик учун талаб қилинадиган барча зарур кўникма ва тажрибаларга эга.

2007 йилнинг аввалида БМТ бош котиблиги лавозимини эгаллаган Пан Ги Мун 2016 йил 31 декабрда ўз мансабини бошқа сиёсатчига бўшатиб бериши лозим.

Айни пайтда Черногориядан ташқари яна икки давлат ўз номзодини илгари сурган. Улар Хорватия ташқи ишлар вазири Весна Пусич ва Македония ташқи сиёсат маҳкамасининг собиқ раҳбари Срджан Керимдир.

БМТ бош котиблиги учун номзодлар сайлови декабрь ўрталарида бошланади. Тахминий маълумотларга кўра, барча номзодлар июлдан сўнг кўриб чиқилади. Қайд этилишича, шу вақтга қадар Шарқий Европа вакиллари ва аёллардан ҳеч ким бош котиб лавозимини эгалламаган.