Жамият | 16:30 / 20.01.2016
9422
2 дақиқада ўқилади

“Барон” фильмининг давоми суратга олинадими?

Хабарингиз бор, шу йилнинг 17 январидан пойтахтимиз экранларида режиссёр Рустам Саъдиевнинг “Барон” фильми намойиши бошланди. Ўзбек киноси тарихида илк бор 4К форматда тасвирга олинган ўткир сюжетли психологик драма аксарият томошабинлар томонидан илиқ қарши олинди.

Кутилмаган, кишини ҳаяжонга соладиган саҳналарга бой фильм сўнгида ҳар бир томошабин қалбида бир савол туғилса керак: “Бароннинг кейинги тақдири нима бўлади?”
Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида картина режиссёри Рустам Саъдиев билан боғланди.

“Барон-2” фильмини суратга олиш режаси аввалдан бор эди. Айни пайтда сценарийни ёзишга киришганмиз” - деди Р.Саъдиев. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда “Барон” фильмини рус ва инглиз тилларига ўгириш ишлари давом эттирилмоқда. Таржима жараёни яқин бир ойлар ичида якунига етганидан сўнг картинанинг жаҳон премьераларига ҳам старт берилади. Бироқ хорижий давлатлар кино прокатларига чиқарилиш муддатлари сир тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Рустам Саъдиевнинг “Барон” фильмида машҳур голливуд актёри Ғассон Маъсуд, Россия халқ артисти Андрей Смоляков, Виктор Вержбицкий, Павел Прилучний ва “Бригада” сериалида роль ижро этган Фарҳод Маҳмудов ҳам фильмда қатнашган.
Аввалроқ эса Kun.uz сайти “Барон” фильми тўғрисида унинг режиссёри Рустам Саъдиевдан интервью олган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш