Жаҳон | 09:35 / 22.01.2016
3286
2 дақиқада ўқилади

Ҳиллари Клинтон Эрон билан муносабатлар нормаллашувини тезлаштиришни хато деб ҳисоблади

АҚШ Эрон билан муносабатларни меъёрлаштиришни тезлаштирмаслиги керак. “Бу хато бўлар эди”, - деди АҚШ президентлигига Демократлар партиясидан номзод Ҳиллари Клинтон CNN телекомпаниясига берган интервьюсида.

“Эронга ҳозир муносабатларни меъёрлаштиришни таклиф қилишни хато деб ўйлайман”, - деди Клинтон хоним. Сиёсатчи ўз сўзида Қўшма Штатлар давлат котиблиги лавозимида ишлаган вақтларида Эроннинг ядро шартномасини адо этиши учун масъулиятни зиммасига олганини эслаб ўтди. Унинг айтишича, санкциялар масаласида узоқ давом этган дипломатик музокаралар Обама ва Керри даврига келиб Эронни бир стол атрофига ўтиришга мажбур қилди.

“Дипломатик йўлда жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланиш, Эроннинг мажбуриятни зиммасига олгани ҳамда хавотирларни келтириб чиқарган томонларини бартараф этиш устида ишлашини назорат қилиб боришимизга тўғри келади”, - деди Клинтон.

“Хавотирли томонлар”, деганда Клинтон қўшни мамлакатлардаги вазиятнинг беқарорлиги, Асад тузумини қўллаб-қувватлаётгани ва терроризмни назарда тутди. “Биз Эрон билан муносабатларни нормаллаштиришга шошилмаймиз. Президент (Обама) ҳам, мен ҳам шундай фикрдамиз”, - дея қўшимча қилди у.