Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сочилик авиадиспетчер давлатга хиёнат қилгани учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилди
Россиянинг Краснодар ўлкаси суди сочилик собиқ авиадиспетчер Пётр Парпуловни давлатга хиёнат қилганликда айбдор деб топиб, уни 12 йилга қаттиқ тартибдаги колонияда озодликдан маҳрум қилишга маҳкум қилди.
Парпуловнинг иши шунга ўхшаш суд ишлари каби маҳфийлаштирилди. Давлат хиёнати нимадан иборат бўлгани аниқлаштирилмаган. Парпулов 2014 йил мартидан бери ҳибсда ушлаб турилибди.
Журналист Зоя Светова маълумотларига кўра, Парпулов 2010 йилда Грузия фуқаросига давлат сирини ташкил қилувчи маълумотларни берганликда айбланган. Парпулов суд жараёнида уни интернетда, шу жумладан “Красная звезда” газетаси сайтида чоп этилган маълумотни ошкор қилгани учун суд қилишаётганини айтган.
Парпулов ўз айбини тан олишдан бош тортган. Ҳукм чиқарилишидан бир неча кун аввал Парпулов томонидан ёзилган мактубда “Агар менинг бўйнимга қўйилаётганларнинг барчаси рост бўлса, унда бу маълумотларни сир тутиш мумкин эмас, чунки мансабдор шахсларнинг жиноятлари ҳақидаги маълумотлар сир сақланиши мумкин эмас. Мени эса айнан шундай маълумотларни ошкор қилишда айблашмоқда” деб ёзилган.
Ҳукмнинг эълон қилиниши ёпиқ тартибда ўтказилди. Россияда давлат хиёнати ҳақидаги суд ишлари одатда ёпиқ тартибда ўтказилади. Улар ҳақида ҳукм чиқарилгандан кейингина маълум бўлади. Охирги ойларда шундай ишлар бўйича бир неча узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ҳукмлари чиқарилгани маълум қилинганди.