Ўзбекистон | 12:34 / 22.01.2016
19287
2 дақиқада ўқилади

Тошкент сейсмологлари: хусусий сектордаги уйлар 7 балли зилзилада вайрон бўлиши мумкин

Сейсмология институти минтақавий сейсмиклик ва сейсмик туманлаштириш лабораторияси мудири, профессор Турдиали Ортиқов ва етакчи илмий ходим, физика-математика фанлари номзоди Роман Иброҳимовлар Uz24 нашрига берган интервьюсида Марказий Осиёдаги сейсмик фаолликка изоҳ бериб, бунинг Ўзбекистонга қандай таҳдид солиши мумкинлиги юзасидан фикр билдирдилар.

“Ҳиндукушда доимий равишда ер силкиниб туради, бу жуда сейсмик фаол минтақа. У ерда қанча силкиниш бўлмасин, бу бизнинг мамлакатимиз учун қизиқ эмас, негаки Ўзбекистоннинг ҳеч бир четида 6 баллдан ортиқ силкинишни сезмайсиз”, - деди Ортиқов.

“Биз сейсмик фаол минтақада яшаймиз, шу боис ер қимирлаши биз учун оддий ҳолат, - сўзида давом этди эксперт. – Шаҳримиз учун 8-9 балли ер қимирлаши хавфли бўлиши мумкин. Ҳатто 6 балли ер ости силкинишлари ҳам жуда қўрқинчли. Лекин бундай силкинишлар 7-10 йилда бир маротаба бўлади”.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Тошкентнинг айрим ҳудудлари 8 балли, айрим жойлари эса 9 балли сейсмик зонага киради. Қурилиш ишлари ҳам шуни инобатга олган ҳолда олиб борилади.

“Тошкентнинг сейсмик фаоллигини инобатга олмаган ҳолда бирорта объект қурилишига рухсат берилмайди, - деб ишонтирди Ортиқов. – Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси буни қатъий назорат қилади. Давлат лойиҳаси асосида қурилган уйлар сейсмик чидамли бўлиб, шаҳардаги зилзилаларга дош бера олади”.

Шу билан бирга, маълум бўлишича, хусусий сектордаги кўпчилик уйлар сейсмикликни эътиборга олмаган ҳолда қурилган, шу боис улар 7 балли зилзилада вайрон бўлиши мумкин.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш