Жаҳон | 23:04 / 24.01.2016
5368
2 дақиқада ўқилади

Хитойдаги Янги йил байрамлари мавсумида 2,91 млрд одам ташилиши кутилмоқда

Хитойда рекорд даражадаги янги йил йўловчи ташишлари мавсуми “Чуньюнь” бошланди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

2016 йилда бу мавсум 24 январдан 3 мартгача давом этади. Аввалроқ Хитойнинг ривожланиш ва ислоҳотлар бўйича миллий комиссияси жорий йилда мамлакатнинг транспорт тизими "Чуньюнь" вақтида рекорд даражадаги 2,91 млрд одам ташишини маълум қилганди. Бу 2015 йилдагидан 3,6 фоиз кўпроқни ташкил қилади. 2015 йил "Чуньюнь" вақтида 2,8 млрд одам ташилган.

Хитойда янги йил йўловчи ташишлари мавсуми “Чуньюнь” деб аталган бўлиб, у дунёдаги энг йирик миграцион ҳодиса ҳисобланади: юз милилонлаб хитойликлар Янги йилни ўз оиласи даврасида кутиш учун уйларига йўл оладилар.

Одатда, “Чуньюнь” Баҳор байрами – ой тақвими бўйича Янги йил ҳисобланган “Чуньцзе” кириб келишидан 14 кун аввал бошланади. 2016 йилда янги йил кечаси 8 февралга ўтар кечасига тўғри келди. Шарқ тақвимига кўра, 2016 йил Оловли маймун йили ҳисобланади. Хитойда янги йил байрамлари расман 7 февралдан 13 февралгача давом этади.

“Синьхуа” агентлигининг маълум қилишича, ҳозирданоқ кўплаб темир йўл вокзалларида янги йил байрамларида яқинлари ёнига боришни истаётганларнинг катта навбатларини кўриш мумкин.

Хитой темир йўллари “Чуньюнь” вақтида поездлар қатновини ҳам оширди.

Хитойнинг ривожланиш ва ислоҳотлар бўйича миллий комиссияси тегишли идоралардан хизмат кўрсатишни яхшилаш ва йўловчи ташишларнинг хавфсизлигини кафолатлаш учун ёмон об-ҳаво шароити ҳолатига тайёр туришни сўради.