Жаҳон | 16:55 / 25.01.2016
3776
2 дақиқада ўқилади

АҚШдаги қор бўронлари туфайли ҳалок бўлганлар сони 30 нафарга етди

АҚШнинг шарқий қисмида юз берган, кейинги 100 йил ичида ҳали кузатилмаган даражадаги кучли қор бўронлари туфайли қурбон бўлганлар сони 30 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Associated Press хабар тарқатган.

Олдинроқ АҚШнинг шарқий қирғоғига ёпирилган қор бўрони туфайли 25 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Делавер штатидаги қор остида қолган уйини тозалаганидан кейин полициячи юрак хуружига учраб вафот этган. Мэриленд штатида ҳам 2 киши қор бўронлари оқибатида юрак хуружи туфайли жон берган.

Жанубий Каролинада эр-хотин ўз уйларида ис газидан ҳалок бўлган.

Маълум қилинишича, бошқа ҳудудларда ҳам одамларнинг ўлимига асосан йўл-транспорт ҳодисаси, ис газидан заҳарланиш ҳамда қорни тозалаш вақтида содир бўлган юрак хуружи сабабчи бўлган.

Бундан ташқари, ноқулай об-ҳаво туфайли АҚШда 8 мингга яқин рейс бекор қилинди. Нью-Йорк штатида эса, қор ёғиши сабаб бўлиб, автомашина қатнови вақтинчалик тўхтатилган.

11та штат, шу жумладан, Нью-Жерси, Пенсильвания, Виргиния, Мэриленд, Шимолий Каролина ва Жоржия губернаторлари томонидан фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу АҚШ аҳолисининг 90 миллионлик қисмига тааллуқли бўлмоқда.

Американинг United Airlines авиакомпанияси Вашингтон ҳудудидаги рейсларини бекор қилди. Компания ўзининг хизматини 25 январь, душанба кунидан бошлаб тиклашини билдирган.

Вашингтон, Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатлари ҳукумати аҳолига уйдан чиқмасликни тавсия қилган.

Бу ҳудудларда қор баландлиги ўртача 70 сантиметрга етган ва 200 мингга яқин уй электр таъминотисиз қолган.