“Адолат” СДП фракциясининг “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси юзасидан позицияси шундай.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади кучли, рақобатбардош миллий иқтисодиётни яратиш ва шунинг ҳисобидан аҳоли фаровонлигини мунтазам ошириб боришга қаратилган. Шу боис сўнгги йилларда хусусий мулк ва тадбиркорликнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор пировард натижада барқарор иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилига айланмоқда.

Бозор иқтисодиёти шароитида бухгалтерия ҳисобининг аҳамияти ва бошқарув қарорларини қабул қилишдаги роли ҳам ошиб бормоқда. Шу маънода 1996 йилда қабул қилинган “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, бизнесдаги самарадорлик ва натижаларнинг ҳақиқий аҳволини ўз вақтида баҳолаб боришни таъминлашга хизмат қилиб келаётир.

Бироқ, ўтган йигирма йил мобайнида миллий иқтисодиётимизда юз берган таркибий ўзгаришлар, хўжалик юритувчи субъектлар тури ва сони ошиб бораётгани ҳамда соҳага жорий этилаётган ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши мазкур қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда.

Таъкидлаш лозимки, мазкур қонун лойиҳаси ўтган йиллар давомида қонунчиликда бўлган ўзгартишлар билан мувофиқлаштиришга қаратилган алоҳида моддаларни қайта кўриб чиқиш, қонундаги “оқ доғ”ларни бартараф этиш, янги ва аниқлаштирувчи нормаларни киритиш ҳамда халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқ бухгалтерия ҳисоби тизимини янада ривожлантириш учун замонавий шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш борасида амалиётда синалган қоидалар, ёндашувлар ҳамда хорижий давлатларнинг тажрибаси ҳисобга олинган. Таклиф этилаётган меъёрлар ва тартибларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичига мос келадиган бухгалтерия ҳисоби тизимининг янада такомиллашувини таъминлайди.

Мазкур ҳужжатни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш бўйича таклифлар тайёрланаётган айни пайтда Демократик кучлар блоки ҳамда мухолифат фракциялар ўртасида ўзаро тортишув ва мунозаралар келиб чиқмоқда.

Хусусан, Қонунчилик палатасида кўпчиликни ташкил этувчи Демократик кучлар блоки аъзолари ўзларининг йиғилиши ва оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларида “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилишни таклиф этмоқда. Аммо 2015 йилда ўзини мухолифат деб эълон қилган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг позицияси ва нуқтаи назари Демократик кучлар блокининг ушбу қарорига мутаносиб эмас. Бизнинг фикримизча, Демократик кучлар блоки мазкур масалага бироз юзаки ёндашмоқда. Яъни, бу принципиал аҳамиятга эга эмас, қонун лойиҳасини янги таҳрирда қабул қилиш масаланинг техник жиҳати холос.