Жаҳон | 21:44 / 25.01.2016
2706
2 дақиқада ўқилади

Россия мудофаа вазирлиги Сурияда яна бир авиабаза қурилиши ҳақидаги хабарни инкор этди

Россия мудофаа вазирлиги Сурия ҳудудида янги авиабаза қурилиши мумкинлиги ҳақидаги Ғарбдаги нашрларда тарқалган гап-сўзларни инкор қилди. Бу ҳақда вазирликнинг расмий вакили, генерал майор Игорь Конашенков маълум қилган.

"Сурия Араб республикаси ҳудудида ҳеч қандай янги авиабаза ёки Россия ҳарбий самолётлари учун қўшимча аэродром йўқ ва уларни қуриш ҳам режалаштирилмаган", дейди Игорь Конашенков "Интерфакс" агентлигига.

"The Times эълон қилган хабарлар ҳаваскорона ишлар ёки Туркия Сурия билан чегарада, ал-Қамишли ҳудудида қўшинларнинг йирик гуруҳини тўплаётганлигидан чалғитишга бўлган ноўрин уринишлардан бошқа нарса эмас", дейди у.

"Биз аввал ҳам бир неча марта Суриядаги авиагуруҳимиз самолётлари ушбу мамлакатнинг энг узоқ нуқтасидаги исталган масофага ярим соатда етиб боришини билдирганмиз", деяди Конашенков.

24 январь куни The Times нашрида Россия Сурияда иккинчи авиабазасини очиб, у ерга қўшинлар юборишга тайёрланаётганлиги ҳақида хабар берилганди. Манбада бу аэродромга нафақат қирувчи ва бомбардимончи самолётлар, балки юк ташувчи йирик самолётлар жойлаштирилиши мумкинлиги ҳақида айтилганди.

Times: Россия ва АҚШ Суриянинг шимоли-шарқида бир вақтда базалар яратмоқда

Россия Сурияда янги авиабаза қурилиши ҳақидаги гапларни инкор қилди

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш