Жаҳон | 08:52 / 25.01.2016
4494
2 дақиқада ўқилади

Тайванда 85 киши аномал совуқлар қурбони бўлди

Дам олиш кунлари Тайванга ёпирилган аномал совуқлар туфайли камида 85 киши ҳалок бўлди. Хусусан, оролнинг шимолий Таоюань уездида 35 киши, Тайбэйда 25 одам совқотишдан ҳалок бўлган. Бу ҳақда 25 январда мамлакат ўт ўчириш-қутқарув хизматлари маълум қилди.

Охирги ўн йилликлар ичида кузатилаётган кучли совуқ фронти таъсирида оролнинг бир қатор тоғли ҳудудларда қор ёғди. Тайвань пойтахти Тайбэйда 24 январда бу ҳудудлар учун 43 йил ичидаги энг совуқ – Цельсий бўйича +4 градус ҳаво ҳарорати қайд этилди.

Хитойнинг субтропиклар ҳудудида жойлашган Гонконг ҳам аномал совуқлар гирдобида қолди. Бу ерда ҳаво ҳарорати +3 градусгача тушиб кетди, бу охирги 60 йил ичида энг паст ҳаво ҳарорати кўрсаткичи бўлди.

Бу ҳудудларда намгарчилик юқори бўлгани учун ҳароратнинг пасайиши Европа давлатларига нисбатан ўзгача таъсир қилади. Деярли бир неча дақиқада одам шамоллаб қолиши мумкин. Ҳукумат 25 январда барча бошланғич мактаблар ва боғчаларда машғулотларни бекор қилди.

Қутқарув хизматига совуққа тайёрланмаган одамлардан кўплаб қўнғироқлар тушмоқда. 60 дан ортиқ киши шифохонага ётқазилган. Вазият яна шуниси билан мураккаблашмоқдаки, шаҳардаги турар-жой бинолари марказий иссиқлик таъминоти билан таъминланмаган. Кўпчилик ночор одамлар эса қимматбаҳо иситувчи асбобларни сотиб олиш ва электр энергия истеъмолига катта миқдорда пул тўлашга қодир эмас.