Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Обама ўсмир маҳбусларни бир кишилик камераларда сақлашни тақиқлади
АҚШ президенти Барак Обама The Washington Post нашрида 25 январда чоп этилган мақолада оғир бўлмаган жиноятларни амалга оширган вояга етмаганлар маҳбусларни бир кишилик камераларда сақлашни тақиқлаш ҳақидаги қарори ҳақида маълум қилди. Обаманинг фикрича, бундай усулларнинг федерал қамоқхоналарда қўлланиши ўсмирларга оғир маънавий жароҳатлар етказади.
“Адлия вазирлиги ўз таҳлилини якунлади ва мен унинг федерал турмалар тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклиф қилган тавсияларини қабул қиламан. Бу оғир бўлмаган жиноятларни амалга оширган вояга етмаганлар маҳбусларни бир кишилик камераларда сақлашни тақиқлаш, руҳий носоғлом бўлган маҳбусларга тиббий ёрдам кўрсатишни кенгайтириш ва маҳбуслар бир кишилик камералардан ташқарида ўтказадиган вақтларини оширишни ўз ичига олади”, дейилмоқда мақолада. Обаманинг бу қарори тахминан 10 минг ўсмир маҳбусларга таъсир қилиши мумкин.
Обама, шунингдек, ёшларнинг қамоқда бир ўзларининг сақланиши уларга жамиятнинг тўлақонли аъзоларига айланишларига имкон бермаслигини, “бу одамларнинг ҳаётларини хавфсизроқ қилмаслигини” таъкидлаб ўтди. У бунга мисол тариқасида 2010 йилда 16 ёшида рюкзакни ўғирлаганликда гумон қилиниб ҳисбга олинган Калиф Броудер воқеасини келтириб ўтди. Ўсмир бир кишилик камерага жўнатилган, бундан ташқари, бошқа маҳбуслар ва қўриқчилар томонидан зўравонликларга учраган. 2013 йилда Броудер озодликка чиқарилган. У коллежнинг 1-курсини битирган, бироқ ўтган шанба куни ўз жонига қасд қилган.
“АҚШдаги турмаларда бир кишилик камераларда 100 минг киши, жумладан руҳий касалликларга эга балоғатга етмаганлар ҳам сақланади”, деб таъкидлаб ўтди Обама.
У ўз мақоласида маҳаллий ахлоқ-тузатиш муассасалари бундай амалиётдан воз кечишларига умид билдириб ўтди.