Ўзбекистон | 17:08 / 26.01.2016
5562
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда лазер нурларини самолётга йўналтириш жавобгарликка тортиладиган ҳаракатга айланади

Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари жисмоний шахсларнинг самолётларга лазер нурлари йўналтириш бўйича жавобгарлигини белгилаб бериш мақсадида Жиноий Кодекс ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда палатанинг саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси вакили Полянте Свешниковга таянган ҳолда Norma.uz сайти хабар бермоқда.

“Миллий қонунчиликда бундай хатти-ҳаракатлар учун жиноий ёки маъмурий жавобгарликни кўзда тутувчи меъёрлар мавжуд эмас”, - таъкидлади депутат.

“Қонун лойиҳасининг моҳияти шундаки, жисмоний шахсларнинг ҳаво кемасига лазер кўрсаткичини йўналтириши учун жавобгарлик меъёрларини белгилаб бериш лозим, негаки бугун масъул вазирлик ва идоралар ҳуқуқбузарларни жавобгарликка торта олмайди”, - қўшимча қилди Свешников.

Уч йил муқаддам мамлакатда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида лазер кўрсаткичларини олиб киришга чекловлар ўрнатилган эди. Ҳужжат портатив лазер кўрсаткичларини мамлакатга олиб киришни тақиқлаган эди. Шунга қарамай, 2014 йили самолётларга 11 марта лазер нурлари йўналтирилди (6 марта Тошкентда, 2 мартадан Фарғона ва Самарқандда, 1 марта Бухорода), 2015 йили бундай ҳолатлар 5 маротаба такрорланди (3 марта Тошкентда, 1 мартадан Самарқанд ва Бухорода).

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш