Ўзбекистон | 10:48 / 27.01.2016
3681
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида Болгария элчихонаси вакили билан учрашув бўлиб ўтди

2015 йилнинг 26 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида Болгария элчихонасининг Биринчи котиби Драгнев Красимир Ёрданов билан учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур ташрифнинг мақсади: давлат активларини хусусийлаштириш ва хорижий инвестицияларни жалб этилиши ҳолати тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилишдан иборат ҳисобланади.

Учрашув давомида Драгнев Красимир Ёрдановга Қўмита фаолияти тўғрисида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2340-сонли ва 2015 йил 21 декабрдаги ПҚ-2454-сон "Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек бўлиб ўтган учрашув давомида:

- хусусийлаштириш жараёнида давлат активлари стратегик хорижий инвесторларга сотилиши мўлжалланган йирик корхоналар тўғрисида Болгария Республикасида фаолият юритаётган салоҳиятли инвесторларни хабардор қилиш;

- “Тошкент” РФБ қимматли қоғозлар билан биржа савдоларини ўтказиш қоидалари ва давлат активларини хусусийлаштириш тартиби;

- Ўзбекистон Республикасидаги акциядорлик жамиятларига хорижий капитални жалб қилиш ва хорижий инвесторларга бериладиган имтиёзлар ва шу каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Учрашув якунида юқорида қайд қилинган йўналишлар бўйича яқиндан ҳамкорликни амалга ошириш келишиб олинди.