Ўзбекистон | 10:26 / 28.01.2016
2908
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways 2015 йилда 2,5 млн нафардан ортиқ йўловчи ташиди

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКда (Uzbekistan Airways) 2015 йилдаги ишлаб чиқариш ва молиявий фаолият натижалари сарҳисоб қилинди.

Натижаларга кўра, ўтган йилда миллий авиакомпаниянинг хизматларидан 2 млн 570 минг йўловчи фойдаланган. Бу 2014 йилги кўрсаткичдан 2 фоиз камайишни билдиради (2014 йилдаги кўрсаткич 2 млн 625 минг йўловчи).

Шунингдек, 2015 йилда МАК авиалайнерларида 23269 қатнов бажарилган. Бу 2014 йилги кўрсаткичлардан 542тага кам.

Почта ва пуллик багажни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 42 минг тонна юк ташилган ва бу борада ҳам пасайиш қайд этилган. 2014 йилда бу кўрсаткич ўсиш 43 минг тоннани ташкил қилганди. Ўз навбатида "Навоий" иқтисодий зонасидаги аэропорт орқали юк ташиш ҳажми ортган.

Айни вақтда "Навоий" аэропортида Деҳли, Мумбай, Франкфурт, Шанхай, Сеул, Милан, Ханой ва Сарагосу шаҳарларига юк ташувчи рейслар амалга оширилмоқда. 2015 йилда бу аэропортдан 692та рейс амалга оширилган ва 35 минг 989 тонна юк ташилган. Бу 2014 йилги кўрсаткичга нисбатан 16 фоиз ўсишни англатади.

Бу ўсиш 2014 йил декабрида 2та йўловчи ташиш самолётлари (Boeing-767-300ER) юк ташиш самолётларига айлантирилиши (Boeing-767-300BCF) эвазига рўй берди.

Президентнинг 2014 йил 12 майдаги «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг иккита Boeing-767-300ER йўловчи ҳаво кемаларини юк ҳаво кемаси этиб қайта жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори асосида Ўзбекистон миллий авиапарки замонавий иккита ҳаво кемаси билан бойиди.

Бу самолётлар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва Boeing компанияси ўртасидаги иккита Boeing-767-300ER йўловчи самолётини Boeing-767-300BCF юк ҳаво кемасига айлантириш бўйича лойиҳани амалга ошириш доирасида тайёрланди.

Ҳозирда бу самолётлар ҳафтасига ўртача 13та рейс амалга оширади. Уларнинг бир рейс давомида ташийдиган юк миқдори 53 тоннагача.