Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жанубий Кореянинг собиқ бош вазири порахўрлиги учун саккиз ойга қамалди
Жанубий Кореянинг собиқ бош вазири Ли Ван Гу порахўрлиги учун саккиз ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда The Rappler хабар қилмоқда.
Собиқ амалдор 2013 йилда депутат бўлиб турган вақтида йирик тадбиркор Сун Ван Чендан парламентда унинг манфаатларини қўллаб-қувватлаш учун 30 миллион вон (27,4 минг доллар) миқдорида пора олганликда айбдор деб топилди. Ушбу жиноят 2015 йилнинг апрелида Сун интеврью вақтида пора тўғрисида айтиб ўтганидан сўнг юзага чиқди. Шундан сўнг Ли Ван Гу истеъфога чиқишга мажбур бўлди.
Сун Ван Чен эса кўп ўтмай ўз жонига қасд қилди. Ўлим олдидан ёзган қайдида у порахўрлик билан машғул бўлаётган бошқа кўплаб амалдорлар, жумладан, президент Пак Кин Хе девонидаги юқори лавозимли шахсларнинг ҳам номини санаб ўтган.
Бу Жанубий Кореяда порахўрлик билан боғлиқ биринчи йирик ҳодиса эмас. 2013 йил январида ўша пайтда амалда бўлган президент Ли Мён Бапнинг укаси — Ли Сан Дык ҳам банкир ва тадбиркорлардан 750 миллион вон (650 минг доллар) пора олганликда айбланган эди. Бир йил муқаддам эса Жанубий Кореянинг биринчи хонимига эгизак ака ҳисобланган шахс порахўрлик учун икки йил муддатга қамалди.