Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитойда Тожикистон фуқароси қатл қилинди
Хитой суди томонидан 51 ёшли Тожикистон фуқароси Ҳасан Юсуфовга нисбатан чиқарилган ўлим жазоси 2016 йилнинг 28 январь куни ижро этилди. Бу ҳақда Тожикистоннинг Пекиндаги элчихонасидан олинган маълумотга таянган ҳолда АП хабар бермоқда. Ҳ.Юсуфов гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосида айбдор деб топилиб, олий жазога ҳукм қилинган.
Маълумотларга кўра, ҳукмни юмшатиш бўйича олиб борилган музокаралар самарасиз якунланган. Қатл амалга оширилишидан аввал эса Тожикистон элчихонаси ходимлари билан учрашув бўлиб ўтган.
Юсуфов муқаддам Хитойдан Тожикистонга маҳсулотлар етказиб бериш билан шуғулланган. Беш йил аввал эса Хитойнинг Урумчи шаҳрида наркотиклар контрабандаси айби бўйича қўлга олинган ва кейинроқ Хитой суди унга нисбатан ўлим жазосини тайинлаган.
Тожик ҳукумати маълумотларига кўра, айни пайтда 16 нафар Тожикистон фуқароси, жумладан, 9 эркак ва 7 аёл Хитой қамоқхоналарида жазо ўтамоқда. 2015 йил май ойида Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон уч аёл ва бир эркакка нисбатан ўлим жазоси, беш нафарига умрбод қамоқ жазоси тайинланганини маълум қилган.
Ўз навбатида, Тожикистон қамоқхоналарида уч нафар Хитой фуқароси зўрлаш, саломатликка оғир зарар етказиш ва ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганлик айби билан жазосини ўтамоқда.