Жаҳон | 23:48 / 30.01.2016
5568
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда маҳбуслар учун янги қамоқхоналар қурилмоқда

Тожикистоннинг пойтахти Душанбедан 20 км шарқда жойлашган Вахдат шаҳрида 2 минг маҳбусга мўлжалланган янги ахлоқ-тузатиш колонияси қурилмоқда. Бу турмага Душанбе марказида жойлашган колониядаги маҳбуслар кўчириб ўтказилади.

Янги колония лойиҳасини Болгария компанияси яратган.

“Душанбедаги турма 1935 йилда қурилган ва 1,5 минг маҳбусга мўлжалланган. Биз уни ҳар йили таъмирлашимизга қарамай, бино эскириб кетган ва стандартларга жавоб бермайди. Шунинг учун маҳбусларни сақлаш бўйича халқаро стандартларга жавоб берувчи янги турма қуришга қарор қилдик”, деб айтди “Азия-плюс” портали манбаси.

Манбанинг таъкидлашича, объект қурилиши 2010 йилда бошланган, у давлат пул ажратишига қараб босқичма-босқич қурилади.

Тожикистон Адлия вазирлигининг Жазоларни ижро этиш бош бошқармаси маълумотларига кўра, Рудакий туманидаги тергов изоляторини қуриш учун ҳам ер ажратилган. “Бу объект ҳам Душанбеда жойлашган, бунга йўл қўйиб бўлмайди, шунинг учун изоляторни шаҳар ташқарисига олиб чиқишга қарор қилдик”, деб таъкидламоқда манба.

Шу билан бирга, келгусида бутун мамлакат бўйлаб янги қамоқхоналар қуриш ёки мавжудларини таъмирлаш режалаштирилмоқда, чунки уларнинг барчаси собиқ иттифоқ замонида қурилган ва замонавий талабларга жавоб бермайди.

Тожикистонда 18 та ахлоқ-тузатиш муассаса мавжуд бўлиб, улардан 5 таси тергов изолятори, 8 таси турли тартибдаги ахлоқ-тузатиш колониялари, битта балоғатга етмаганлар учун тарбия колонияси, битта қамоқхона, учта колония қишлоқ ҳисобланади.