Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат рақобат қўмитаси НТМКнинг айрим масъул шахсларини маъмурий жавобгарликка тортди
Навоий тоғ-металлургия комбинатининг раҳбар ходимлари рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбланиб маъмурий жавобгарликка тортилдилар. Бу ҳақда Давлат рақобат қўмитасининг матбуот хизмати хабар қилди.
Vilammy LP (Буюк Британия) компанияси мурожаати асосида олиб борилган текширув ишлари якунларига кўра шундай қарор қабул қилинди. “Навоий ТМК” ДК хатти-ҳаракатларида поршень агрегатлари етказиш бўйича тендер савдоларидаги аксилмонополия талабларининг бузилиши ҳолатлари аниқланди. Комбинатнинг раҳбар кадрлари Vilammy LP’ни тендер савдоларида иштирок этишдан асоссиз равишда четлаштирган. Бунда сабаб сифатида техник ҳужжатлаштириш талабларига номувофиқлик кўрсатилган. Кўрсатилган сабаб етарли асосга эга эмаслиги ваколатли давлат органининг тегишли хулосасидан маълум бўлди.
Шу билан бирга, техник ҳужжатлаштириш талабларидан четлашиш ҳолати юқоридагидан кўра жиддийроқ бўлган бошқа бир компаниянинг таклифи қабул қилинган.
Ишни кўриб чиққан комиссия НТМКни рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айблади. Қўмитанинг кўрсатмаси асосида НТМК томонидан тендер савдолари бекор қилинди ва қайта савдолар ўтказилиши ҳақида эълон берилди. НТМКнинг масъул шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди.