Давлат рақобат қўмитасида корхоналарни хусусийлаштириш жараёнида британиялик инвесторларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 19 февраль куни Давлат рақобат қўмитасида ташкилот раҳбари Даврон Ҳидоятов ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси раҳбари ўринбосари Фиона Макстон ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Қўмита ахборот хизматининг маълум қилишича, суҳбат давомида томонлар 2015 йилнинг 5-6 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Халқаро инвестицион форум жараёнида Буюк Британия компаниялари билан тузилган келишувларига асосан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ихтиёридаги акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги улушини ташкил этиш масаласини муҳокама қилишди.
Учрашув давомида шунингдек, катта корхоналарни кенг кўламда хусусийлаштириш жараёнида буюк британиялик инвесторларни жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикасидаги акциядорлик жамиятлари устав капиталида хорижий инвесторларни жалб қилишни назарда тутувчи имтиёзлар ва преференциялар ҳақида тўлиқ маълумотлар тақдим этилди.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси давлатга тегишли мулкларни хусусийлаштириш масаласида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олишди.