Фан-техника | 19:42 / 01.03.2016
7401
2 дақиқада ўқилади

Lamborghini янги суперкар тақдим қилди

Lamborghini компанияси Женева автосалонида янги Centenario LP770-4 суперкарини намойиш қилди. Янги машина итальян маркаси асосчиси Ферруччо Ламборгинининг 100 йиллик таваллуди шарафига қурилди. Модель бренд тарихида биринчи марта тўлиқ бошқарилувчи шасси олди.

Паст тезликларда машинанинг орқа ғилдираклари олдинги ғилдиракларга қарама-қарши томонга кичик бурчакка бурилади. Юқори тезликларда эса барча ғилдираклар бир томонга бурилади. Биринчи ҳолатда ғилдираклар базасининг виртуал камайиши амалга оширилади ва бу манёврликни яхшилаш ва бурилиш радиусини камайтиришга имкон беради.

Янги модель Lamborghini томонидан яратилган энг кучли двигатель билан жиҳозланди. 13 цилиндрли, 6,5 литрли мотор 770 от кучига эриша олади.

Машина жойидан 100 км/соат тезликка 2,8 сонияда, 300 км/соат тезликка 23,5 сонияда эришади. Машинанинг максимал тезлиги 350 км/соатни ташкил қилади.

Машина 100 км/cоат тезлик билан келаётганда тормоз босилгандан кейин тўлиқ тўхташи учун 30 метр, 300 км/cоат тезликда эса 290 метр талаб этилади.

Модель карбон монокок атрофида қурилган. Карбондан, шунингдек, суперкарнинг кузов панеллари ишланган. Купе оғирлиги 1520 кг ни, оғирликнинг двигатель қувватига нисбати бир от кучига 1,97 кг ни ташкил қилади.

Centenario учун пассив (фаралар ёнидаги, ғилдирак ёйлари ва остоналардаги ҳаво йўналтиргичлар радиаторга ҳаво берилишини оптималлаштиради) ва актив аэродинамик элементлар ишлаб чиқилди. Мисол учун, орқа аксқанот ҳаракатланиш шароитига қараб 150 мм га юқорига кўтарилиши ва эгилиш бурчагини 15 градусга ўзгартириши мумкин.

Ҳаммаси бўлиб Lamborghini Centenario’дан 40 дона – 20 та купе ва 20 родстер ишлаб чиқарилади. Моделнинг нархи солиқ ҳисобга олинмаганда 1,75 млн евродан бошланади. Барча машиналар аввалданоқ сотиб бўлинди.