Ўзбекистон | 20:03 / 09.03.2016
5495
2 дақиқада ўқилади

Sasol Ўзбекистонда синтетик ёнилғи ишлаб чиқарувчи завод қурилиши лойиҳасини тарк этиши мумкин

Жанубий Африка Республикасининг Sasol компанияси 2016 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда синтетик ёнилғи ишлаб чиқарувчи (GTL) завод қурилишида ўзининг кейинги иштироки ҳақида қарор қабул қилади, деб хабар бермоқда компания вакили.

"Биз нефть нархи пастлиги туфайли февралда Ўзбекистонда GTL завод қурилишидаги узоқ муддатли иштирокимизни қайта қўриб чиқишга қарор қилдик", деб айтди компания вакили. У ёзгача "компания акционерлари лойиҳадаги иштироклари борасида бир тўхтамга келадилар" деб айтди.

2009 йилда "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси, ЖАРнинг Sasol ва Малайзиянинг Petronas компаниялари Ўзбекистонда Шўртан газ-кимё мажмуаси негизида GTL завод қуриш учун Uzbekistan GTL қўшма корхонасини яратишган. Айни вақтда "Ўзбекнефтгаз" ва Sasol лойиҳада 44,5 фоиздан, Petronas эса 11 фоиз улушга эга. 2013 йил ёзида Sasol ўзининг лойиҳадаги улушини 25,5 фоизга камайтиришга қарор қилган, қолган қисм эса амалдаги акционерлар ўртасида тақсимланиши ёки қўшма корхонанинг янги иштирокчиларига берилиши мумкин. Айни вақтда қўшма корхона лойиҳа учун қўшимча иштирокчиларни фаол равишда қидирмоқда.

Янги қуриладиган завод йилига 3,5 млрд куб метр газни қайта ишлаши ва 864 минг тонна дизель ёнилғиси, 304 минг тонна авиакеросин, 395 минг тонна нафта ва 11,2 минг тонна сиқилган газ ишлаб чиқариши белгиланган. Заводнинг технологик қисмини тўлиқлигича Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering & Construction компанияси амалга оширади.