Ростовдаги авиаҳалокатда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароси номи маълум бўлди
Ростов-Дон аэропортида ҳалокатга учраган “Боинг” самолёти бортида 46 ёшли Ўзбекистон фуқароси Лариса Аллен ҳам бўлган. Фалокатда ҳалок бўлганлар рўйхати Flydubai авиакомпанияси сайтида эълон қилинди. Бу ҳақда "Sputnik Ўзбекистон" нашри хабар бермоқда.
Авиакомпания маълумотига кўра, самолёт бортида 44 нафар Россия, 8 нафар Украина, икки нафар Ҳиндистон ва бир нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган. 55 йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоларидан ҳеч бири тирик қолмаган. Лайнер бортида 33 нафар аёл, 18 нафар эркак ва 4 нафар бола бўлгани таъкидланмоқда.
Ҳалок бўлган россиялик йўловчиларнинг ҳар бирига 1 млн рублдан товон пули тўланиши маълум қилинди. Товон хорижий фуқароларга берилиш-берилмаслиги ҳозирча номаълум.
Фожиа 19 мартга ўтар кечаси юз берди. Дубайдан ҳавога кўтарилган самолёт Ростов-Дон аэропортига етиб келгач ноқулай об-ҳаво шароитлари туфайли қўниш вақтида ҳалокатга учраган, деб тахмин қилинмоқда.