Жаҳон | 00:16 / 31.03.2016
2118
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик мансабдор шахсларга 35 минг доллардан қимматроқ машина харид қилиш тақиқланди

Қозоғистоннинг аксилкоррупцион медиамарказида қозоғистонлик мансабдор шахсларнинг шахсий автомобиллари нархи 35 минг доллардан, қўл телефонлари нархи эса 70 минг тангадан ошмаслиги кераклиги маълум қилинди.

Бундан ташқари, аксилкоррупцион медиамарказ директори Марат Каиргалиевнинг айтишича, эндиликда давлат хизматчилари жамоат жойларида ҳаттоки енгил маст ҳолатда ҳам пайдо бўла олмайдилар, деб хабар бермоқда "Матрица" нашри.

"Қозоғистонда коррупцияга қарши кураш бўйича катта иш ўтказилмоқда. Мисол учун, янги қонуннинг кучга кирганидан кейин мансабдор шахснинг уяли телефони 70 минг тангадан, автомобили эса 35 минг доллардан ошмаслиги керак. Шунингдек, давлат хизматчилари ресторан, кафе, кинотеатр ва бошқа жамоат жойларида маст ҳолатда пайдо бўла олмайдилар. Бундай қилмиш учун амалдор маълум жавобгарликка тортилади. Бундан ташқари, яқин орада Ғарбий Қозоғистон вилоятида рейдлар амалга оширилиб, унда нафақат хизмат машинасидан ишдан ташқари вақтда фойдаланиш, балки давлат хизматчиларининг ахлоқ кодексини бузиши ҳолатлари текширилади", деб маълум қилди Каиргалиев.

Ғарбий Қозоғистон ички ишлар департаменти бошлиғи ўринбосари Бойиржон Рахметов вилоятда ҳозирча давлат хизматчиларининг жамоат жойларида маст ҳолатда пайдо бўлишини аниқлашга қаратилган текширувлар ўтказилмаётганини таъкидлаб ўтди.

"Албатта, мисол учун, қандайдир мансабдор шахс ахлоқ меъёрларини бузса ва ресторан маъмурияти полицияни чақириб, бирортаси хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, тўполон қилаётганини айтса, биз бу шахснинг эгаллаб турган лавозимидан қатьъий назар унга нисбатан чора кўришга мажбурмиз. Ҳозирги кунгача бундай қоидабузарликларга мисоллар талайгина бўлган", деб айтди Бойиржон Рахметов.